Ўқитув-чи?!
Яқинда бир таниш ўқитувчи ҳикоя қилиб қолди: 9 синф битирувчилари ўртасида улар келажакда қайси касбни эгалламоқчилиги тўғрисида сўровнома ўтказибди. Сўровнома натижаси танишимни ҳайратга солган. Боиси, синфдаги 30 нафар ўқувчидан ҳеч бири ўқитувчилик касбига қизиқиш билдирмабди.
Бу воқеани эшитиб заррача ҳам ажабланганим йўқ. Ўша битирувчиларнинг зийракликларига таҳсин айтдим. Аксинча, улардан аксарияти ўқитувчиликка қизиқиш билдирганда, ҳайратга тушишим мумкин эди. Нима учун дейсизми? Чунки ўша ўқувчилар фаросатли ва зийрак бўлганлари учун ҳам ўқитувчи бўлишни исташмаган. Улар айни вақтдаги воқеликка қараб, келажакларини бу «шарафли» касб билан боғламасликдек энг тўғри қарорни қабул қилганлар. Мен уларнинг танловларини қўллаб-қувватлайман.
Икки йил муқаддам ўзим ҳам Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида 9-синф битирувчилари билан касб танлаш бўйича суҳбат ўтказганман. 29 нафар ўқувчидан 3 нафари (ҳаммаси қизлар) ўқитувчи бўлишни хоҳлашини айтган эди.
Жанубий Кореяда ўқиб юрган пайтимда корейс миллатига мансуб дўстларим ўқитувчи бўлиш жуда қийинлиги ҳақида айтишар эди. Кореяда ўқитувчи сифатида ишга кириш учун жуда катта билим талаб қилинар экан. Ўқитувчи бўлиб ишга киришни истаган шахс давлат миқёсидаги синовлардан ўтиши лозим бўлиб, ундан ўта олмаганлар бу касбга лойиқ кўрилмас экан.
Ўқитувчи бўлиб ишлаш эса ишга киришдан-да мушкулроқ экан. Улардан доимий изланиш, ўз устида ишлаб, билим ва малакасини ошириб бориш талаб қилинар экан. Энг қизиқ жиҳати шундаки, корейс ёшлари ўқитувчи бўлишни шарафли иш деб ҳисоблашарди. Ўқитувчилик касбини бошқа касблардан устун қўйишарди.
Гапни жуда узоқдан бошлаб зериктириб юборгандирман? Аслида дунёдаги икки муқаддас касбдан бири сифатида эътироф этиладиган ўқитувчиликка қизиқиш бизда тобора камайиб бораётганини кўрсатмоқчи эдим, холос. Бунинг сабаби нимада? Нима учун ўзбеклар «шарафли» касбга эгалик қилишни исташмаяпти? Болаларга билим беришдек савобли вазифадан нима учун қочишяпти? Нима учун ўқитувчилар мактабдан безор бўлишяпти?
(Университетни қизил дипломга битирган, дарс бериш маҳорати ва билими бўйича шубҳага бориш ҳам мумкин бўлмаган икки курсдошим мактабда зўрға бир йил ишлади-ю, сўнгра аризасини ёзди. Ишлаб юрган қариндошларим ва дўстларимдан ҳам ҳеч бирининг ўз ишидан розилигини ҳали эшитмадим).
Таҳририятга Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг халқ таълими бўлимида (туман халқ таълими бўлими, аслида, бу ташкилотнинг эскича номланиши, ҳозир унинг номини аллақандай тушунарсиз жумлалар билан аташади; осон нарсаларни мураккаблаштиришни эса ёқтирмайман – қайсарлик билан доим эски номи билан атайман) чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда ёзиб олинган овозли хабар келиб тушди.
Хабарни тинглар эканман, беихтиёр ўзбек бўлганимдан уялиб кетдим. Ҳа, ҳа, ҳақиқатдан ҳам уялдим. Менга воқеага атаб тезкор мақола ёзиб беришимни илтимос қилишганди. Компютер қаршисига ўтириб, қанча уринмайин, ҳеч нарса ёза олмадим.
Миллатимизнинг келажагини тасаввур қилишга ҳаракат қилдим. Кўз олдимга фақат Россия, Қозоғистон ва Кореяда мардикорлик қилаётган йигитлар, Туркия, Ҳиндистон, Дубай ва Таиландда фоҳишалик қилаётган қизлар, пул учун ҳожатхонадан телефонни олиб чиқаман, деб ахлат ичида жон бераётган забардаст ўзбек йигитлари келди, холос.
Қанчалик уринмайин, буюк келажак қуёш каби уфқ ортига ботаётганидан бўлак ҳеч нарсани кўролмадим. Бу миллатдан яна Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Хоразмий ва Мирзо Улуғбек чиқишига ишонмадим. Ишонолмадим.
Туман ХТБ мудирасининг «Қишлоқ хўжалиги – биринчи масала» деган сўзлари қулоғим остида жаранглайверди. ХТБ мудираси ким? Халқ таълими вазирлиги деган улкан ташкилотнинг битта тумандаги вакили – бошлиғи. 66 та мактабдаги таълим сифатига жавобгар шахс. Тумандаги ўн минглаб ўқувчилар келажакда етук шахс бўлиши учун масъул шахс. Минглаб ўқитувчилар болаларга давлат таълим стандартига мувофиқ билим беришларини назорат қилиши талаб қилинган шахс. У эса ўқитувчилардан қишлоқ хўжалигини талаб қиляпти, ўз ваколатига кирмайдиган масалани таълимдан олдинга – биринчи ўринга қўйяпти.
Яқинда Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган бир матбуот анжуманида вазирлик мулозимига ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш бўйича савол берилган эди. Вазирлик вакили эса ўқитувчи зиммасига тушаётган ортиқча юмушлар вазирлик ваколатидан ташқари ишлар эканлигини иддао қилган эди. Унинг айтишича, вазирлик ҳамда унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ўқитувчининг ваколатига кирмайдиган нарсани буюрмайди. Бу нарса воқеликда қанчалик ўз исботини топмоқда?
Энди савол туғилади: Наҳотки, фарғоналик мудира вазирликка бўйсунмаса? Наҳотки, вазирлик тасарруфидаги ташкилот вакили бўлган аёл ўзидан юқори органнинг кўрсатма ва низомларига амал қилмаса? Наҳотки, туман халқ таълими бўлими раҳбари қишлоқ хўжалигига эмас, балки таълим сифатига масъуллигини билмаса? Ўз вазифасини яхши билмайдиган аёл қандай қилиб минглаб одамларга бошлиқ қилиб тайинланган?
Халқ таълими бўлими раҳбари ўқитувчиларни пахта «чеканка»сига жалб қилиш вилоят ҳокимининг топшириғи эканлигини иддао қилмоқда. ХТБ мудираси 66 та мактаб директорига дўқ қилмоқда: «Ўзингизча Америка очаверманг! Вилоят ҳокимига, унинг топшириқларига қаршимиз, десангиз, марҳамат – кириб, айтиб кетаверинг! Мен қилолмайман бу ишни, менга буюрманглар, мен мустасноман бу топшириқдан, деб айтиб кетасиз!»
Ажабо! Фарғона вилояти ҳокими фермернинг пахтасини чеканка қилишни мактаб ўқитувчилари ва боғча ходималарига буюрибди. Савол: Вилоят ҳокимига бундай ваколатни ким берди? Ҳоким бундай топшириқ беришга ҳаққи борлигини бирор ҳуқуқий ҳужжат билан асослаб бера оладими? Мудира пўписа оҳангида гапиришига қараганда, топшириқни бажаришдан бўйин товлаганлар вазифасидан озод қилинадими?
Халқ таълими вазирлигининг битта тумандаги раҳбари, олий маълумотли, зиёли одамнинг гапини қаранг: «(Ўқитувчилар далада) 2-3 соат ишлаяпти, холос. Иссиқда жуда эзилиб кетгани йўқ». ХТБ мудираси ўқитувчиларни ишламасдан, тутқаторга ўтириб олишда айблаяпти. Ўқитувчиларни пахта даласида текин хизматкордай ишлатишга буюра туриб, мудира хоним айтаётган сўзларни қаранг: «Нима деб тушунсангиз тушанаверинг! Эртага ўша пахта бизга керак!»
Меҳнатга мажбурлаш – бу жиноят! Вилоят ҳокими ва унинг топшириғига мувофиқ ўқитувчиларни пахтага чиқишга жалб қилаётган мудира қуйидаги ҳуқуқий нормалардан хабардормикин?
Ўзбекистон Републикасида мажбурий меҳнат Ўзбекистон Републикаси Конституцияси 37-моддаси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси, Меҳнат кодексининг 7-моддаси, шунингдек, «Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида»ги Конвенция (1930 йил 28 июнда қабул қилинган, 1997 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган) ҳамда «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида»ги Конвенцияга (1957 йил 25 июнда қабул қилинган, 1997 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган) мувофиқ тақиқланади.
Фуқаролар мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасида меҳнатга мажбурлаганлик учун маъмурий жавобгарлик (энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима) назарда тутилган.
Меҳнат кодексини варақлаймиз. Мазкур ҳужжатнинг 177-моддаси «Иш берувчининг бурчлари» деб номланади. Унга кўра, “иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас”.
Пахта даласида ишлаш мактаб ўқитувчисининг меҳнат вазифасига кирадими? Вилоят ҳокими ёки ХТБ мудираси шу саволга жавоб бера олишадими? Йўқ! Улар буни исботлаб бера олишмайди. Ҳоким ва ХТБ мудираси Ўзбекистон Республикасининг қонунларини қўпол равишда бузиб, уларни оёқости қилишмоқда. Айни пайтда, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига (Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) мувофиқ жавобгарликка (энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима) тортилиши мумкин.
Иккинчи масала. Мактаб ўқитувчилари аллақандай концертга боришлари шарт қилинган экан. Мудиранинг айтишича, ўша концертга ўқитувчи келганми-келмаганми, пулини тўлаб қўйиши керак экан. Бу фуқаролардан мажбурий тўлов ундиришнинг айнан ўзи.
Концерт кимники, деб сўрамайсизми? Фарҳод ва Ширин деган аллақандай эстрада гуруҳининг гастрол сафари экан. Битта мактабга 25 та чипта мажбуран ўтказилибди. Бугун очиқ-сочиқ кийимлари ва тутуриқсиз клиплари билан жамиятимизга оммавий маданиятни олиб кираётган отарчининг фонограммали концертига ўқитувчиларни мажбурий олиб бориш қайси донишманддан чиққан ғоя бўлди?
Нима учун ўқитувчи ўзига ёқмаган концертга бориши керак? Нима учун ўқитувчи ўзи қатнашмаган концерт билетини сотиб олиши керак? Концерт ташкилотчилари мўмай даромад топиш илинжида нима учун ҳимоясиз ўқитувчидан фойдаланиши керак? (Концерт чиптаси нақд пулга сотилган, ўқитувчи эса ойлигини пластик картада олади).
Мудира опамиз китоб савдосини ҳам жуда яхши йўлга қўйган кўринади. Бизга етиб келган аудиоёзувдан маълум бўлишича, номи айтилмаган, «керакли» ва «зарур» китобдан туманга 600 та келган экан. Демак, тумандаги 66 та мактабнинг ҳар бири 9 тадан китоб олиши керак экан. Битта китоб неча пул туришини биласизми? 11 минг сўм! Ўша китоб бутун республикамиздаги минглаб мактабларга 9 тадан сотилган бўлсачи? Муаллифга ҳар қандай тадбиркор ҳавас қилса арзийди.
Иккинчи экин, дегани нима экан, энди? Энди ҳар бир мактаб ва боғча бир гектардан картошка экиши керак экан. Ажабо! Картошка нархини тушириш ўқитувчилар зиммасига юклатилибди. Ўзи уларга буюрилмаган фақат шу иш қолувди.
Ҳар бир ўқитувчи бир нафардан пенсионердан пенсиясини пластик картага ўтказиш бўйича ариза йиғиб чиқиши керак экан. Ким ўйлаб топди бундай ақлли қарорни? Молия вазирлигидаги бирор «билағон» мулозимми? Буни ўйлаб топганлар президент сиёсатига қарши одамларми? Йил бошида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев пластик карталар масаласи нотўғри йўлга қўйилганини айтган ва пенсияларни тўлиқ нақд пулда тарқатиш бўйича қарор имзолаган эди.
Ўзбекистонда президентимизнинг халқ манфаатини ўйлаб чиқарган қарорига ким қаршилик қилишга уриняпти? Мудиранинг сўзларига боқинг: Одамлар орасида гап-сўз тарқалиб, президент қарорига қарши иш ошкор бўлмаслиги учун ўқитувчилар ўз яқинлари, ота-оналаридан ариза олиб келишлари керак экан.
Халқ таълими вазирлиги расмийси берган маълумотга кўра, республика мактабларида 400 мингдан ортиқ ўқитувчилар хизмат қилмоқда. Демак, юртимиздаги ҳар бир мактаб ўқитувчиси битта пенсионернинг пенсиясини пластикка ўтказиб берса ҳам 400 минг кишига бериладиган нақд пулни тежаш мумкин экан.
Молия вазирлиги пенсионерлар пенсияларини қай шаклда олишларини фақат ўзлари ҳал қилишлари мумкинлиги ҳақида баёнот берганига кўп бўлгани йўқ. Вилоят ҳокими эса туман халқ таълими бўлими орқали мутлақо ноқонуний топшириқ бермоқда.
Ҳар бир мактаб кунига 4 нафар, боғча эса 2 нафар ходимини чеканкага чиқариши кераклигини таъкидлаётган мудира хоним, сиз ўзи агрономмисиз ёки таълимга масъул шахсмисиз? Сиз пахтани эмас, таълимни ўйлашингиз керак эмасми? Қачон ўз вазифаларингизни бажаришга киришасиз?
Жаноб ҳоким! Тушунишимизча, қўл остингиздаги фермерларни бошқара олмай қолгансиз. Мудира хоним фермерларни инсофсизликда айбладилар. Яқинда президентимизнинг Фарғонага ташрифи вақтида Ахборот дастури вилоят фермерларини оғзидан бол томиб мақтаган эди. Ҳаммаси ёлғонмиди? Фермерлар ўз вазифасини бажара олмай қолдими? Нега фермернинг пахтаси учун ўқитувчи жавобгар бўлиши керак?
Шу ўринда муҳтарам Олий Мажлис депутатларига ҳам мурожаат қилмасак бўлмас. Ҳурматли сенаторлар, яқинда халқаро пресс-клубдаги учрашувда мамлакатимизда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаётганини таъкидлаган эдингиз. Эмишки, ҳалигача бирор ўқитувчи мажбурий меҳнатдан шикоят қилмабди. Мана сизга исботи!
Энди вилоят раҳбарлари ўз айбларини яшириш учун ўқитувчилардан фойдаланаётганини инкор қилмассизлар? Энди кабинетдан чиқиб, халқ билан мулоқот йилида халқ билан мулоқот қиларсизлар? Ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун амалий ҳаракат қилиб кўрарсизлар? Ёки ўқитувчиларнинг аҳволи ҳақида президент гапирмагунча мум тишлаб ўтираверасизларми? Ўзларингиз қабул қилган қонунлар қўпол тарзда бузилишига жим қараб тураверасизларми? Агар ўқитувчини ҳимоя қила олмасангиз, депутатлик курсисида ўтиришга ҳаққингиз йўқ!
Аслида, қайд этилган воқеа жамоатчилик учун катта янгилик эмас. Ҳаммамиз ҳар куни бу каби ноқонуний ишларга гувоҳ бўламиз. Ҳаммамизнинг қариндошимиз, оила аъзоларимиздан бири ёки дўстларимиз ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ўқитувчи ўз иши қолиб, бошқа ишлар билан шуғулланаётганини ҳаммамиз биламиз.
Лекин нега бу муамо ҳал бўлмаяпти? Нега ҳокимликлар ўқитувчилар хизматидан қишлоқ хўжалигида фойдаланмоқда? Қачонгача бундай ҳол давом этади. Фарғонадаги мажлис хамир учидан патир, холос. Бу «Халқ сўзи» муҳаррири айтгандай, «онда-сонда учраб турадиган истисно» эмас. 30 миллион одам кўриб турган нарса.
Бу иллатларга қарши тизимли равишда курашмасак, ҳолимизга маймунлар йиғлаши мумкин. Ўқитувчини қадрламасак, ишонч билан айтаман: ютқазамиз. Ўқитувчиси хизматкор бўлган жамият аъзолари бошқа миллатларга хизматкор бўлишгагина ярайди, холос.
Юқорида Жанубий Кореяни эслаб ўтгандим. Жанубий Корея табиий бойликлари йўқ, иккита даҳшатли урушни бошдан кечирганига қарамай, бугунги тараққиётга қандай эришди? Шу саволга кореялик танишим шундай жавоб берган эди: Биз таълимга эътибор бердик. Боримизни фарзандларимиз яхши таълим олишлари учун сарфладик.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасига қарасак, барчасида ўқитувчилик энг ҳурмат қилинадиган касб ҳисобланади. Ўқитувчилардан талаб қилинадиган нарса эса фақатгина сифатли таълим. Шунинг учун корейс ёшлари ўқитувчиликни орзу қилишади.
Ўқитувчиси кўча супуриб юргани, пахта чопаётгани, уйма-уй юриб, пул йиғаётганини кўрган қайси бола келажакда ўқитувчи бўлишни орзу қилади? Сўзимиз аввалида тилга олинган сўровнома натижаси мутлақо табиий бўлиб, воқелик билан мазмунан мос келмоқда.
Хулоса шуки, ўқитувчилар учун қишлоқ хўжалиги биринчи ўринда бўлмаслиги керак. Улар ўзларининг асосий ишлари бўлган таълим бериш билангина шуғулланишсин. Бугун ўқитувчини ҳимоя қилмасак, келажак авлодлар бизни кечирмаслиги мумкин.
Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 17
Ham eng og'riqli nuqtalarimizdan biridir. Otam , OLLOH joylarini jannatdan qilsin, o'qituvchi edilar, Ikki akam va ukam o'qituvchilikka o'qigan, hozir uchchalasi xam boshqa sohaga o'tib ketishdi.