Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Алҳамдулиллаҳи робби-л-ъаламийн! Вассолату вассалому ъала хойри холқиҳи Муҳаммадин ва олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин!
Аммо баъд!
Шак-шубҳа йўқки, ҳабибимиз, севимли Пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, Расулуллоҳ, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратимизнинг шариатлари, рисолатлари оламларга раҳмат ўлароқ ўзлари — зоти шарифлари ҳам, у зоти бобаракотнинг ҳар бир аъзолари ҳам, ушлаган, ишлатган ашёлари ҳам, ўтириб-турган маконлари ҳам табаррукдир, муборак ва баракотдир, табаррукларнинг ва баракаларнинг энг улуғи, энг буюги ва энг яхшисидир!
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жонимиз, ота-онамиз, бутун борлиғимиз фидо бўлсин!
Муқаддима
Бизнинг давримизга келиб дунёда ва мусулмонлар орасида иккита жуда катта муаммо мавжуд. Бу Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши танимаслик ва таниганлар эса обрў-мартабаларининг не чоғли юксак эканлигини билмаслигидир. Афсуски, у зоти шарифнинг обрўларини пасайтиришга уриниш, ҳурматларини мусулмонлар кўнглидан муносиб жой эгалламаслигига ҳаракат қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бунинг натижасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтирганлар ҳам у зот тўғриларида ҳар хил бўлмағур гап-сўзлар айтиб қўйишаяпти.
Боз устига ҳозирда, мусулмонлик даъвосини қилаётган инсонлар орасида, бизнинг мавзумиз бўлиб турган табаррукни ҳам ширк деб, ширк деганда ҳам “энг катта ширк” дея баҳолаб, табаррук қилувчиларни мушрикка чиқарадиган, оқибати номаълум жамоалар пайдо бўлган. Бугун ҳатто даврадаги қайсидир улуғ инсондан қолган таомни табаррук ниятида бир чимдим ёки бир луқма тотиб қўйган ихлосли бандани ҳам ширк амални қилишда айблайдиганлар топилади. Афсуски, улар шариатимизнинг асл манбаларидаги маълумотларни яхши билмайдилар, билганларини ҳам тўғри тушуна олмайдилар. Энг ачинарлиси, улар ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одатдагидан ортиқча муҳаббат қилишни ҳам ёқтирмайдилар. Акс ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қиламан, деб йўлга тушган кимсани бидъатчиликда, ҳаром ишни қилганликда айблашармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарларига зиёратга бориб, мусофир бўлиб турган мусулмоннинг суннат намозларни ўқишига тўсқинлик қиладиган, бу ишни ҳам бидъат ва ҳаром деб баҳолайдиганлар ҳам – ана ўшалардир. Ўша тоифалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббат изҳори бўлган, ул зоти шариф мадҳ қилинадиган мавлиди шарифларга боришни ва мавлид ўқитишни бидъатга ва ҳаромга чиқаришади. Бу мақоламизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг ул зотни нақадар қаттиқ севишганини, ул зоти шарифга мансуб нарсаларни қай даражада табаррук қилишганини, улардан кейинги мусулмонларнинг ҳам асрлар давомида шундай тарзда йўл тутганларини саҳиҳ ва ишончли мисоллар орқали ёритиб берамиз, ин шо Аллоҳ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қўллари ва оғизлари
Юқорида зикр қилганимиздек, Аллоҳ улардан рози бўлсин – саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир аъзоларини, жумладан, муборак қўлларини ҳам табаррук санашар эдилар. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо айтадилар:
أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا اشْتَكَى يَقْرَأُ عَلَى نَفْسِهِ بِالْمُعَوِّذَاتِ وَيَنْفُثُ فَلَمَّا اشْتَدَّ وَجَعُهُ كُنْتُ أَقْرَأُ عَلَيْهِ وَأَمْسَحُ بِيَدِهِ رَجَاءَ بَرَكَتِهَا
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолсалар, ўзларига “қул аъузу” сураларини ўқир ва дам солар эдилар. Агар оғриқлари кучайиб кетса, уларни мен ўқиб қўяр ва баракасини истаган ҳолда, у зотнинг қўллари билан силар эдим” (Бухорий, 6/5016; Муслим, 4/2192).
Бу ерда Ойша разийаллоҳу анҳо ўз қўллари билан силаб қўявермасдан, табаррук ва барака умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қўллари билан ўзларини силатар эди. Яъни, у зотнинг қўлларида барака бор, деб эътиқод қилар эдилар.
كان رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا صلى الغداة جاء خدم المدينة بآنيتهم فيها الماء فما يؤتى بإناء إلا غمس يده فيها فربما جاؤه في الغداة الباردة فيغمس يده فيها
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрталабки намозни ўқисалар, Мадинанинг хизматкорлари ўзларининг сув тўла идишлари билан келишар эди. Идишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини унга бир тиқиб олишлари учунгина келтиришар эди. Гоҳида эрталабки совуқ пайтдаёқ келиб олишар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам идишларга қўлларини ботириб берар эдилар” (Муслим, 4/2324).
Муҳаддис Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ мазкур саҳиҳ ҳадисни: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг одамларга яқинлиги ва уларнинг у зотни табаррук қилишлари”, деган бобда келтирганлар.
Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳу билан бирга Билол разийаллоҳу анҳу икковига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам идишда сув келтиришни буюрганлар. Унда қўлларини ва юзларини ювганлар, оғизларини чайиб, сувга пуфладилар. Сўнгра икковига: “Иккалангиз ичинг, юзларингиз ва бўйин-томоқларингизга (ҳам) суртинглар” дедилар. Улар олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидек қилишни бошлаган эдилар, парда ортидан Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳо: “Идишдан онангизга ҳам қолдиринглар!”, дедилар. Улар сувдан озроғини қолдиришди (Бухорий, 5/4328; Муслим, 4/2497).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кўчиб борганларида бир муддат Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг уйларида турганлари маълум. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга овқат қилиб, ҳузурларига киритар, сўнг у зоти бобаракотнинг бармоқлари товоқнинг қаерига теккан бўлса, ўша жойидан олиб овқат ер эдилар (Муслим, 3/2053).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулайм разийаллоҳу анҳонинг уйларига тез-тез кириб турар эдилар. Бир куни уйида осиб қўйилган мешдан тикка туриб сув ичдилар. Умму Сулайм разийаллоҳу анҳо мешнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак оғизлари теккан жойини кесиб олиб, барака сифатида алоҳида сақлаб қўйдилар. Буни Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ “Сийар аълом ан-нубало”да зикр қилганлар (2/308). Бошқа муҳаддислар эса Кабша (ёки Кубайша) разийаллоҳу анҳонинг уйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мешда сув ичганларида, у ҳам худди шу ишни қилиб, мешнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизлари теккан жойини қирқиб, алоҳида олиб қўйганини ривоят қилишган (Термизий, 2/1892; Ибн Можа, 3/3423; Ибн Ҳиббон, 5/5318).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари
Мўйи муборак – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч толалари бўлиб, улар Пайғамбаримиз (с.а.в.) тавсияларига биноан табаррук сифатида саҳобалар томонидан тақсимлаб олинган, гарчи баъзи саҳобалар розияллоҳу анҳум ўзлари билан бирга дафн қилишга васият қилган бўлсаларда, баъзилари авлодларга қолдирилиб, асрлар давомида ҳам ўша мўйи мубораклар ҳозирги давримизгача сақлаб, кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинган. Ҳатто ул зотнинг мўйи мубораклари сақланган жойлар ҳам табаррук саналган. Жумладан, юртимизда ҳам “Мўйи муборак” номли масжидлар ҳозиргача мавжуд. Туркиянинг машҳур Тўпқопи саройида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари асрлар давомида ҳурмат-эҳтиром билан сақлаб келинади.
Бу борада жуда кўплаб мисоллар мавжуд. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламида қуйидаги ривоят мавжуд:
لقد رأيت رسول الله صلى الله عليه و سلم والحلاق يحلقه وأطاف به أصحابه فما يريدون أن تقع شعرة إلا في يد رجل
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сартарош сочларини олаётган вақтда кўрдим. Саҳобалари ул зотни ўраб олишган эди. Улар бирор тола сочни ҳам ерга туширмасдан, ўзларининг қўлларига тушишини исташарди”. (Муслим, 4/2325).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Абу Талҳа разийаллоҳу анҳу биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи муборакларини олганлар:
أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمَّا حَلَقَ رَأْسَهُ كَانَ أَبُو طَلْحَةَ أَوَّلَ مَنْ أَخَذَ مِنْ شَعَرِهِ
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини қирдирганларида, у зотнинг сочларидан биринчи бўлиб олган одам Абу Талҳа эди” (Бухорий, 1/171).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз сочларини одамларга улашиб бердилар, ҳатто: فوزعه الشعرة والشعرتين بين الناس – “Одамлар орасида бир тола ва икки толадан қилиб тақсимлаб бердилар” (Муслим, 2/1305).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғиз сувлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғиз сувлари ва тупуклари ҳам барака эди. Саҳобаи киромлар уни ҳам муборак санар эдилар. Бирорта фарзанд туғилса, дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузури муборакларига олиб боришар, у зоти бобаракотга ном қўйдириб, боланинг танглайини кўтартиришар эди. Буни улар баракот санаганлари учун қилишар эди. Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларидан кейин биринчи туғилган фарзанд бўлганлар. Қубода у зотнинг ҳузурига келтиришганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг танглайини кўтарганлар, хурмони оғизлари билан чайнаб-эзиб, унинг оғзига солганлар, табаррук сифатида оғзига туфлаганлар.
ثُمَّ تَفَلَ فِي فِيهِ فَكَانَ أَوَّلَ شَيْءٍ دَخَلَ جَوْفَهُ رِيقُ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم
“Сўнгра унинг оғзига туфладилар. Унинг қорнига кирган биринчи нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғиз сувлари эди” (Бухорий, 5/3909; 7/5469; Муслим, 3/2146).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тупукларини саҳобалар олиб, табаррук қилиб юзларига ва баданларига суртар эдилар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қиладилар:
فَوَاللَّهِ مَا تَنَخَّمَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نُخَامَةً إِلَّا وَقَعَتْ فِي كَفِّ رَجُلٍ مِنْهُمْ فَدَلَكَ بِهَا وَجْهَهُ وَجِلْدَهُ
“Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфласалар, бирор кишининг кафтига тушар, у эса уни олиб ўз юзига ва баданига суртар эди” (Бухорий, 3/2732).
Ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, саҳобалар ул зоти шарифнинг тупукларини ҳам ерга тушишини исташмас эдилар, дарров табаррук қилишар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг терлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам терласалар, терлари мушк-анбардан ҳам хушбўйроқ бўлар эди. Саҳобалар у зотнинг терларини олиб, атир сифатида ишлатишар эди ёхуд табаррук қилиб истеъмол қилишарди. “Саҳиҳи Муслим”да бу ҳақида ажойиб ривоят мавжуд:
كان النبي صلى الله عليه و سلم يدخل بيت أم سليم فينام على فراشها وليست فيه قال فجاء ذات يوم فنام على فراشها فأتيت فقيل لها هذا النبي صلى الله عليه و سلم نام في بيتك على فراشك قال فجاءت وقد عرق واستنقع عرقه على قطعة أديم على الفراش ففتحت عتيدتها فجعلت تنشف ذلك العرق فتعصره في قواريرها ففزع النبي صلى الله عليه و سلم فقال ما تصنعين يا أم سليم؟ فقالت يا رسول الله نرجو بركته لصبياننا قال أصبت
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймнинг уйига кириб, у йўқ пайтида унинг тўшагида ухлаб олар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйига келиб, тўшагида ухлаб ётган эдилар. У уйига келганида унга: “Тўшагингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлаб ётибдилар”, дейилди. У кириб қараса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам терлаб ухлаб ётар, терлари чарм тўшакка оқар эди. Умму Сулайм разийаллоҳу анҳо дарҳол қутичасини очиб, терларни сидириб, шишачага сола бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чўчиб уйғониб кетдилар ва “Нима қиляпсизлар, эй Умму Сулайм?”, дедилар. Умму Сулайм разийаллоҳу анҳо: “Болаларимиз учун терингизни баракасини умид қиламиз, Ё Расулуллоҳ!” деди. Жавобига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўғри қилдинг!”, дедилар (Муслим, 4/2331).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Умму Сулайм разийаллоҳу анҳонинг ўғли Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан бундай ривоятни ёзиб қолдирганлар:
عَنْ أَنَسٍ أَنَّ أُمَّ سُلَيْمٍ كَانَتْ تَبْسُطُ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نِطَعًا فَيَقِيلُ عِنْدَهَا عَلَى ذَلِكَ النِّطَعِ قَالَ فَإِذَا نَامَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَخَذَتْ مِنْ عَرَقِهِ وَشَعَرِهِ فَجَمَعَتْهُ فِي قَارُورَةٍ ثُمَّ جَمَعَتْهُ فِي سُكٍّ قَالَ فَلَمَّا حَضَرَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ الْوَفَاةُ أَوْصَى إِلَيَّ أَنْ يُجْعَلَ فِي حَنُوطِهِ مِنْ ذَلِكَ السُّكِّ قَالَ فَجُعِلَ فِي حَنُوطِهِ
“Умму Сулайм разийаллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тўшак тўшаб берган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кундузлари ўша тўшак устида ухлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлаб ётганларида, у зотнинг терлари ва соч толаларидан олган эдилар. Уни бир шишачага тўплаган, сўнг уни атир идишга солиб қўйган эдилар. Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу вафот этаётганларида, менга ўша шиша идишдаги муборак тердан ўз ғуслсувларига қўшишни васият қилгандилар. Ғусл қилдирилаётганида (васиятга биноан) ундан қўшилди” (Бухорий, 8/6281).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат сувлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат сувлари ҳам саҳобалар томонидан табаррук қилинган. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Абу Жуҳайфа разийаллоҳу анҳу деган саҳобадан нақл қилган ривоятига бир қаранг:
أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ فِي قُبَّةٍ حَمْرَاءَ مِنْ أَدَمٍ وَرَأَيْتُ بِلَالًا أَخَذَ وَضُوءَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالنَّاسُ يَبْتَدِرُونَ الْوَضُوءَ فَمَنْ أَصَابَ مِنْهُ شَيْئًا تَمَسَّحَ بِهِ وَمَنْ لَمْ يُصِبْ مِنْهُ شَيْئًا أَخَذَ مِنْ بَلَلِ يَدِ صَاحِبِهِ
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганимда, у зоти шариф қизил гумбазли чодирда эдилар. Билол разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат сувини олиб турганлигини кўрдим. Одамлар таҳорат сувига шошилишарди. Ундан кимга бирор томчи етса, уни ўзига суртарди. Ундан бирор томчига ҳам етиша олмаганлар эса ёнидагининг қўлидаги намликни сидириб оларди” (Бухорий, 7/5859).
Ҳатто Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ томонидан мана бу ривоят ҳам мавжуд:
كَانَ الْمَاءُ مَاءُ غُسْلِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حِينَ غَسَّلُوهُ بَعْدَ وَفَاتِهِ يَسْتَنْقِعُ فِي جُفُونِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَكَانَ عَلِيٌّ يَحْسُوهُ
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг у зот ғусл қилдирилган тоғорада сув тўпланиб қолган эди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу уни ҳовучлаб ўзига сочарди” (Аҳмад, 4/2403).
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган таом ва ичимликни табаррук деб билишар, уни истеъмол қилишни катта давлат санашар эди. Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий разийаллоҳу анҳу ривоят қилади: бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ичимлик берилди. У зот сувни ичдилар. Ўнг томонида ёш бола ўтирган эди, чап томонларида ёши улуғ кишилар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш болага қараб: “Сувни аввал буларга беришимга рухсат берасанми?” дедилар. Шунда, ўша бола: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Сиздан етишган насибамни ҳеч кимга бериб қўймайман!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сувни унга узатдилар (Бухорий, 3/2451; Муслим, 3/2030). Бу ёш бола буюк саҳоба, муфассирлар султони Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак кийимлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак кийимларини ҳам саҳобалар табаррук қилар, шифо умидида ишлатар эдилар. Жумладан, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг опалари Асмо разийаллоҳу анҳо томонидан қуйидаги воқеа ривоят қилинган. У зот Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг вафотларидан кейин унинг ҳузуридаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир кийимларини табаррук қилиб ўзига олиб қолган эди. Ўша кийимнинг ипакдан безаклари бор эди. Уни манбаларда “кисравоний тайласон” дейилган, яъни шоҳона тўн демакдир. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “ал-Адаб ал-муфрад”да уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа кунлари ва меҳмонлар ташриф буюрганида кийиб чиқар эди, деганлар (1/348). Асмо разийаллоҳу анҳо бундай деганлар:
و كان النبى صلى الله عليه و سلم يلبسها فنحن نغسلها للمرضى يستشفى بها
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кияр эдилар. Биз уни касаллар учун ювиб, у билан шифо истардик” (Муслим, 2069; Аҳмад, 6/26987).
Яъни, мазкур саҳиҳ ҳадиси шарифда айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимлари касаллар учун сувда эзиб, суви ичирилган. Бундан табаррук ашёлар орқали шифо талаб қилишнинг жоизлиги маълум бўлади.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларини табаррук қилиб олишиб, уни ўзларининг кафанликларига ҳам ишлатишар эди. “Саҳиҳи Бухорий”да Саҳл ибн Саъд разийаллоҳу анҳудан бир ривоят келтирилган. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бурда – йўл-йўл устки кийим тўқиб келтирди. “Ё Расулуллоҳ! Буни Сизга кийдирайин деб олиб келдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни муҳтож бўлгандек ҳолда олдилар ва кийиб чиқдилар. Саҳобалардан бири буни кўриб, “Ё Расулуллоҳ! Жуда чиройли экан, ярашибди. Уни менга кийдиринг”, деди. “Яхши!” деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бердилар. Бошқа саҳобалар ўша кимсани маломат қилиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни муҳтож ҳолларида олганини ва у зотга бу ярашганини кўрдинг-ку! Нимага, уни сўрадинг?! У зот сўраганга бермай қўймасликларини билганинг ҳолда шу ишни қилдинг-а?!”, деб уришиб бердилар. Шунда, ўша саҳоба ўз мақсадини очиқлаб, رَجَوْتُ بَرَكَتَهَا حِينَ لَبِسَهَا النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَعَلِّي أُكَفَّنُ فِيهَا – “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кийганлари учун табаррук бўлишидан умид қилиб, шояд у билан кафанлансам, дедим”, деди (Бухорий, 8/6036).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари вафот этганида, ўз кийимларини бериб, أَشْعِرْنَهَا إِيَّاه – “Аввал у билан баданини ўранглар!” дедилар (Бухорий, 2/1254).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларини кафанликка ишлатиш сабаби табаррук юзасидан экани ўз-ўзидан маълум. Ҳатто мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этганида, унинг ихлосли ва ҳақиқий мусулмон ўғли илтимосига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз кийимларини унинг қабрида тагига тўшашига берган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам табаррукдирлар!
Юқоридаги ривоятларни инкор қила олмаган, шундай бўлсада хато йўлидан воз кеча олмаётган ношудлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат ҳаётлик пайтида табаррук бўлганлар”, дейишдан ҳам тойишмайди. Ҳолбуки, саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар давридан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли нарсалар ва ашёлар табаррук саналиб, эҳтиром қилиниб келинган. Улуғ ва машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу табаррук ниятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир юрган ва ўтирган жойларида юрар ва ўтирар эдилар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир юрган ва ўтирган жойларини излаб, аниқлаб, айнан ўша жойларга боришлари барака ҳосил қилиш ниятида бўлар эди. Бу ҳақидаги ажойиб ривоятлардан бир қанчаси “Саҳиҳи Бухорий”да такрор-такрор келтирилган.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳатто “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларидаги алоҳида бобни табаррук мавзусига бағишлаб, бундай номлаганлар:
بَاب مَا ذُكِرَ مِنْ دِرْعِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَعَصَاهُ وَسَيْفِهِ وَقَدَحِهِ وَخَاتَمِهِ وَمَا اسْتَعْمَلَ الْخُلَفَاءُ بَعْدَهُ مِنْ ذَلِكَ مِمَّا لَمْ يُذْكَرْ قِسْمَتُهُ وَمِنْ شَعَرِهِ وَنَعْلِهِ وَآنِيَتِهِ مِمَّا يَتَبَرَّكُ أَصْحَابُهُ وَغَيْرُهُمْ بَعْدَ وَفَاتِه
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг совутлари, ҳассалари, қиличлари, қадаҳлари ва узуклари, ҳамда у зотдан кейин меросда тақсимлангани зикр қилинмаган бу нарсаларни ишлатган халифалар, шунингдек, у зотнинг вафотларидан кейин сочлари, калишлари ва идишларини саҳобалар ва бошқаларнинг табаррук санаганларининг зикри ҳақидаги боб”.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ мазкур бобда Анас разийаллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг калишларини ва сув ичадиган қадаҳларини асраб келаётганлигини зикр қилганлар. Ойша разийаллоҳу анҳонинг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умрларининг энг охирларида кийган кийимларини сақлаб келаётганлигини ёзганлар. Албатта, бу ашёлар фақат ва фақат табаррук сифатида кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинган.
Машҳур саркарда, саҳоба Холид ибн Валид разийаллоҳу анҳу ўз дўппиларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча тор мўйи муборакларини сақлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрада сочларини олдирганларида, саҳобалар сочларини улашиб кетишган эди. Ўша пайтда Холид ибн Валид разийаллоҳу анҳу муборак пешоналаридан табаррук соч толалардан олишга улгуриб қолган эдилар. Бир жангда жонларини хатарга қўйиб бўлсада, ерга тушган дўппиларини олганлари ривоят қилинади. Ярмук жангида ўша дўппи тушиб қолади. Холид ибн Валид разийаллоҳу анҳу уни қаттиқ суриштирадилар, аскарларга излатадилар. Аскарлар дўппини излаш билан овора экан, бирлари: “Намунча, бир эски дўппи бўлса! Унинг сабаби билан душманлар мағлуб бўлиши амри маҳол!”, деганида, у зот: “Дўппини бунинг учун излаётганим йўқ. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч толалари қистириб қўйилган эди. Унинг баракатидан маҳрум бўлиб қолишимдан ва улар мушриклар қўлига тушишидан қўрқаман! У барча жангларда мен билан бирга бўлди ва шу сабабли менга ғалаба ёр бўлди”, деганлар (Абу Яъло, 13/138; Ҳоким, 3/299; Табароний, 4/104; Абу Нуайм, 2/573). Ўша вақтда дўппи топилади ва умрларининг охирида ўша мўйи муборакларни ўзлари билан қўшиб дафн қилишга буюрадилар.
Муовия разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари ва тирноқларини қайчи билан олиб қўйганлар, таҳоратларига сув қуйиб турганлар, эски кийимларини янгисига алиштириб берганлар ва буларни ҳаммасини табаррук сифатида яшириб олиб қўйган эдилар. Муовия разийаллоҳу анҳу вафотлари яқинлигини сезганларидан сўнг, яқинларига уларнинг қаерда сақланаётганини айтиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларини биринчи кафанлигим қилиб мени ўранглар, у зотнинг муборак тирноқларини кўзларимга солиб қўйинг, муборак сочларини эса оғзим ва бурунларимга солинг”, деб васият қилдилар (Заҳабий, 3/158-160; Билозурий, 5/160).
Буюк халифалардан бири Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари ва тирноқлари сақланар эди. У зот ҳам вафот этаётганларида, “Кафанлигимга буларни қўшиб қўйинглар”, деб васият қилганлар (Ибн Саъд, 5/406).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, машҳур тобеъин Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари сақланар экан. У зот бир суҳбатда Абида раҳматуллоҳи алайҳига мақтаниб: “Бизда Ҳазрати Анас разийаллоҳу анҳудан олинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари бор”, дебдилар. Шунда, Абида раҳматуллоҳи алайҳи бундай деганлар:
لَأَنْ تَكُونَ عِنْدِي شَعَرَةٌ مِنْهُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا
“Менда у зотнинг бир тор мўйлари бўлиши мен учун бутун дунё ва ундаги бор нарсалардан яхшироқ бўларди!” (Бухорий, 1/170).
Мазкур Абида ибн Амр ал-Муродий раҳимаҳуллоҳ улуғ ва олим тобеъинлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан икки йилча аввал исломга кирган, лекин яманлик бўлгани боис у зоти бобаракотни кўролмай қолган эди. Уни илмда ва тақвода Қози Шурайҳга ўхшатилган. 72 ҳижрий, 691 мелодий йили вафот этганлар.
Анас разийаллоҳу анҳудан ёки унинг оиласидан мўйи муборак олинганининг сабаби, у зот Абу Талҳа разийаллоҳу анҳунинг ўгай ўғли эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бир ҳовуч сочларини Абу Талҳа разийаллоҳу анҳуга берган эдилар.
Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳода ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари сақланган. Уни у зот чиройли бир идишчада асрар эдилар. Саҳоба ва тобеъинлардан кимдир касал бўлса ёки кўз тегиб қолса, у зотнинг олдиларига келар, мазкур мўйи муборакни сувга ботириб берар, уни ичган одам шифо топиб кетар эди. Бу ҳақида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бундан ривоятни қолдирганлар:
أَرْسَلَنِي أَهْلِي إِلَى أُمِّ سَلَمَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِقَدَحٍ مِنْ مَاءٍ وَقَبَضَ إِسْرَائِيلُ ثَلَاثَ أَصَابِعَ مِنْ قُصَّةٍ فِيهِ شَعَرٌ مِنْ شَعَرِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكَانَ إِذَا أَصَابَ الْإِنْسَانَ عَيْنٌ أَوْ شَيْءٌ بَعَثَ إِلَيْهَا مِخْضَبَهُ فَاطَّلَعْتُ فِي الْجُلْجُلِ فَرَأَيْتُ شَعَرَاتٍ حُمْرًا
“Оилам мени Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдилари бир идишда сув билан жўнатди. Учта бармоқда тутса бўладиган бир идишчада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари бор экан. Агар инсонга кўз тегса ёки бошқа нарса бўлса, у зотга ўз идишини юборар экан. Мен бир қўнғироқдек идишчага қараб, унда қизил сочларни кўрганман!” (Бухорий, 7/5896).
“Саҳиҳи Бухорий”нинг айрим нусхаларида: “Агар инсонга кўз тегса ёки бошқа нарса бўлса, у зотга ўз идишини юборар экан”, деган жумладан сўнг: فخضخضته له فشرب منه – “Умму Салама разийаллоҳу анҳо мўйи муборакни сувга ботириб чайқаб берар, кейин ўша кимса ундан ичар эди”, дейилган (“ал-Жамъ байн ас-Саҳиҳайн”, 4/3453; “Жомеъ ал-Усул”, 4/2866; “Мишкот ал-масобеҳ”, 2/4568).
Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги зотлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг идишларини табаррук санашиб, ундан сув ичишни ғанимат билишар эди. “Саҳиҳи Бухорий”даги алоҳида бир боб “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадаҳлари ва идишларидан сув ичиш” деб аталгани ҳам бежиз эмас.
Шаддод ибн Авс ал-Ансорий разийаллоҳу анҳуда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир жуфт калишлари бор эди. Бу калиш Муҳаммад ибн Шаддод раҳимаҳуллоҳга мерос қолди. Бир куни унинг опаси келиб, “Ука, сенинг фарзандларинг йўқ. Ушбу муборак калишларни менга бер. Ўғилларим унинг баракасидан сени ҳам шерик қилиб турар”, деди. Улар Қуддусда яшашар эди. Халифа Маҳдий Байтулмуқаддасни зиёрат қилгани келганда, муборак калиш тўғрисида хабардор бўлиб, унинг ҳар пойига 1000 динордан беришга қарор қилган эди. Бу воқеани Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ “Таърихи Ислом” асарида 130 ҳижрий йил ҳодисаларида келтириб ўтган (8/29-30).
Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари сақланар эди. У зот мўйи муборакни ўпиб, кўзларига суртар, сувга ботириб-ботириб олиб, шифо ниятида сувни ичар эдилар. Уч тор мўйи муборак сақланган бўлиб, вафотлари олдидан ўғилларига иккитасини ҳар иккала кўзига, бирини эса оғзига қўйиб кафанлашларини васият қилганлар (Заҳабий, 11/212-337).
Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам доимо ўзлари билан табаррук мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи муборакларини олиб юрар эканлар. Бухоронинг Фирабридаги ҳаммомга кирганларида Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Муҳаммад ал-Варроқ раҳимаҳуллоҳ у зотга кийимлари ва маҳсиларини узатганида, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳозир нимани ушлаганингни биласанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи муборакларини ушладинг!”, деб фахрланган эканлар (12/453).
Давримизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
муборак ашёлари борми?
Юқоридаги ривоятларни ўқиб-эшитган айрим қалби касаллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли ашёларнинг бугунги кунда айнан ўзлариники эканлигига саҳиҳ далил йўқ, деб қайсарлик қилиб туриб оладилар. Мусулмон бўла туриб, ўзларини далилпараст, моддапараст сингари тутадилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ошиқ бўлган инсонга бундай далилнинг кераги йўқ, уни далил қизиқтирмайди, балки “Бу ашё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоқадор!”, дейилишининг ўзи етарлидир. Шунинг учун ҳам, 400 йиллардан бери туркий халқлар Тўпқопи саройидаги “Муқаддас омонатлар”га талпинадилар. Бутун дунё подшоҳлари ва бадавлат кишилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари, кийган кийимлари, хирқалари, калишлари ва идишларини қўлга киритишга ҳавасманд бўлаверадилар. Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ каби давримизнинг улуғ уламолари эса ўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи муборакларини бирга олиб юрадилар. Зотан, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ: فَوَا لَهَفِى عَلَى تَقْبِيلِ شَعْرَةٍ مِنْهَا – “Эй, воҳ! Менинг буюк иштиёқим ва орзуйим ўшандай мўйи муборакдан биттасини ўпишдир!”, деганларидек, (13/545-547), бутун дунёнинг ҳаққоний уламолари, авлиёлари, аҳли илмлари, донишмандлари, мутасаввифлари ва ошиқларининг иштиёқ ва орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тааллуқли ашёларни табаррук қилмоқдир!!!
ХУЛОСА
Ҳабибимиз, севимли пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, Расулуллоҳ – руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу – соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратимизга тегишли дейилган муқаддас ашёлар, ул зоти шарифнинг мўйи мубораклари, кийган кийимлари, хирқаи шарифлари, калишлари ва идишлари, шунингдек, у зоти бобаракотнинг босган излари, юрган йўллари, ўтириб-турган маконлари, тутган ва ушлаган нарсалари барака эканлигига, табаррук эканлигига шак-шубҳа йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларга раҳматдир! Бу раҳмат у зоти бобаракотнинг ишлатган ашёларига ҳам ингандир. Бугунги кунда у зот юрган маконлар, у зот тутган ва ишлатган ашёлар худди у зотнинг ўзлари сингари табаррукдир. Буларнинг барчаси ул зоти бобаракотга нисбатан муҳаббатнинг гўзал ва ёрқин намунасидир. Бу муҳаббат эса қалбимизда абадийдир!
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бизнинг дуруд ва саловотларимизни йўлласин! Ул зоти бобаракотнинг шафоатларига бизни нойил қилсин, ул зоти бошарофатни биздан рози айласин! Омин!
Ассолату вассалому ъалайка, ё Расулаллоҳ! Ассолату вассалому ъалайка, ё Ҳабибаллоҳ! Ассолату вассалому ъалайка, ё Хойро холқиллаҳ!
Ҳамидуллоҳ Беруний,
Ботиржон Қосимжон ўғли
Манба: https://ahlisunna.uz/tabarruk/
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4